Prezident qaror va farmonlari 20-06-2025, 14:21

Давлат фуқаролик хизматини янги ёндашувлар асосида ташкил этиш ҳамда профессионал ва натижадорликка йўналтирилган давлат хизматчилари корпусини шакллантириш чора-тадбирлари тўғрисида


Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармони

Давлат фуқаролик хизматини замонавий стандартлар асосида ташкил этиш, давлат хизматчилари ишини натижадорликка йўналтириш, аҳолининг давлат хизматига бўлган ишончини янада ошириш, соҳага истиқболли кадрларни жалб қилиш ва уларни профессионал мутахассис этиб тайёрлашнинг самарали тизимини жорий қилиш, шунингдек, “Давлат фуқаролик хизмати тўғрисида”ги қонун ҳамда “Ўзбекистон – 2030” стратегиясида белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида қарор қиламан:
I. Давлат фуқаролик хизматини ташкил этишнинг асосий йўналишлари
1.Қуйидагилар 2025-2026 йилларда давлат фуқаролик хизматини янги ёндашувлар асосида ташкил этишнинг асосий йўналишлари этиб белгилансин:
а) давлат органларида кадрлар билан ишлашнинг замонавий усул ва механизмлари ҳамда яхлит тизимини жорий этиш;
б) давлат органларида салоҳиятли ва истиқболли раҳбар кадрлар захирасини шакллантириш ҳамда янги авлод раҳбар кадрларини тайёрлаш тизимини янада такомиллаштириш;
в) ходимларнинг давлат фуқаролик хизматига (кейинги ўринларда – давлат хизмати) қабул қилингандан бошлаб бутун меҳнат фаолияти давомида зарур билим ва касбий компетенцияларини узлуксиз ривожлантиришини ташкил этиш ва мониторинг қилиш;
г)  давлат хизматига хотин-қизларни кенг жалб қилиш учун уларнинг соҳага бўлган қизиқишиманфаатдорлиги ва ишончини ошириш;
д)  Давлат фуқаролик хизматини 2030 йилгача ривожлантириш стратегиясини амалга ошириш;
е) давлат фуқаролик хизматчилари (кейинги ўринларда – давлат хизматчилари) хизмат вазифаларини бажаришда одоб-ахлоқ қоидаларига қатъий риоя этишини таъминлаш ва касбий маданиятини ривожлантириш орқали давлат органларига нисбатан жамоатчилик ишончини мустаҳкамлаш;
ж) давлат хизматчиларининг самарали меҳнатга интилишини кучайтириш, ўз касбий кўникмаларини ривожлантириш ва юқори натижалардан манфаатдорлигини оширишга қаратилган меҳнатга 
ҳақ тўлашнинг жозибадор механизмларини жорий этиш.
        II.    Давлат хизматида кадрлар тайёрлашнинг яхлит тизимини жорий этиш
2. Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги, Давлат сиёсати ва бошқаруви академияси ҳамда “Эл-юрт умиди” жамғармасининг доимий ҳамкорлиги асосида давлат хизматида кадрлар тайёрлашнинг яхлит тизими жорий этилсин. Бунда:
        а)     Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги:
(i)  очиқ ва адолатли танловлар асосида давлат хизматига энг муносиб кадрларни жалб қилади, шунингдек, уларнинг горизонтал ва вертикал карьеравий ўсишига кўмаклашади;
(ii) давлат хизматчиларининг салоҳияти ва касбий компетенцияларини диагностикадан ўтказади ва натижаларига кўра ходимнинг портфолиосини шакллантиради ҳамда ривожлантириш талаб қилинадиган билим ва кўникмаларини ошириш чораларини кўради;
(iii) Миллий кадрлар захирасини шакллантиради ҳамда захирадаги номзодларнинг мақсадли тайёрланишини ташкиллаштиради, Давлат сиёсати ва бошқаруви академиясининг малака ошириш ва қайта тайёрлаш курсларига давлат буюртмасини амалга оширади;
(iv) талаб юқори бўлган мутахассисликлар ва йўналишлар бўйича эҳтиёжларни ўрганади ҳамда ушбу йўналишда давлат хизматчиларининг хорижда мақсадли стажировка ўташи юзасидан буюртмаларни шакллантиради;
(v)  “Эл-юрт умиди” жамғармаси стипендиатларининг горизонтал ва вертикал карьеравий ўсиши бўйича зарур чораларни кўради;
б)    Давлат сиёсати ва бошқаруви академияси:
(i) Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги буюртмасига асосан давлат хизматчиларининг малакасини оширади ва уларни қайта тайёрлайди, шунингдек, магистратурада ўқитади;
(ii)  давлат органлари тизимидаги кадрларни қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш марказларининг (институтларининг) раҳбар ва бошқарув кадрларини тайёрлаш борасидаги фаолиятини ўқув-услубий жиҳатдан мувофиқлаштириб боради, шу жумладан, уларнинг тегишли ўқув дастурларини экспертизадан ўтказади ва тасдиқлайди, ўқув жараёнида фойдаланиладиган таълим технологияларининг намунавий шаклларини ишлаб чиқади;
в) “Эл-юрт умиди” жамғармаси:
(i) Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги буюртмасига асосан давлат хизматчиларининг хориждаги давлат ва нодавлат ташкилотлари ҳамда илмий-тадқиқот ва таълим муассасаларида амалий кўникмаларини ривожлантиришга қаратилган мақсадли стажировкасини ташкил этади;
(ii)  истиқболли кадрларнинг хорижда амалий кўникмаларини ривожлантириш ва таълим олишини мувофиқлаштириш асосида номзодларни профессионал йўналтириш тадбирларини амалга оширади.
III.  Соҳани тубдан ислоҳ қилиш
  1. Шундай тартиб ўрнатилсинки, унга мувофиқ 2026 йил 1 январдан бошлаб:
а) давлат хизматига биринчи марта қабул қилинган давлат хизматчилари билан меҳнат шартномаси дастлаб бир йил муддатга тузилади ва кейинчалик фаолиятининг ижобий натижаларига кўра меҳнат шартномаси номуайян муддатга узайтирилади;
б) давлат хизматига биринчи марта қабул қилинган давлат хизматчилари мажбурий “Давлат хизматига кириш” махсус курсларини ва кейинчалик ҳар уч йилда камида бир маротаба малака ошириш курсларини ўтайди ҳамда мазкур курсларнинг якунлари бўйича уларнинг назарийбилим ва кўникмалари диагностикадан ўтказилади;
в) диагностикада давлат хизматчиларининг тегишли соҳа ва тармоқ бўйича билим даражаси, ҳужжатларни тузиш ва давлат тилида иш юритиш кўникмалари, таҳлилий, раҳбарлик ва коммуникативлик малакалари, компьютер саводхонлиги, қонунчиликдаги янгиликларниЎзбекистон тарихи ва хорижий тилларни ўзлаштирганлиги, умумий эрудицияси, психологик диагнози ва интеллектуаллик коэффициенти (IQ) каби кўрсаткичлари баҳоланади;
г)  диагностика ва фаолият самарадорлиги (KPI) натижалари Ходимларнинг касбий компетенциялари ривожланишини узлуксиз онлайн мониторинг қилиш тизимида (кейинги ўринларда – Мониторинг тизими) йиғилади ва таҳлил қилинади;
д) Мониторинг тизими таҳлили натижаларига кўра, ходимнинг мавжуд билим ва кўникмаларини касбий ривожлантириш харитаси  портфолиоси яратилади;
е) касбий ривожлантириш харитаси асосида давлат хизматчиси ривожлантириши лозим бўлган “юмшоқ” ва “қаттиқ” кўникмалари бўйича мажбурий малака ошириш, шу жумладан, мустақил таълим олиш дастурини ўтайди;
ж) вазирлик ва идоралар томонидан ходимларни хорижда ўқитиш, тайёрлаш, малакасини ошириш ҳамда стажировкасини ташкил этиш, шу жумладан, грантлар ёки донорлар маблағлари ҳисобига амалга оширилаётган лойиҳалар доирасида давлат хизматчиларини ўқитиш, тайёрлаш, малакасини ошириш ҳамда стажировкаси билан боғлиқ тадбирлар мажбурий тартибда Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги билан келишилгандан сўнг амалга оширилади.
4. Давлат хизмати лавозимларини эгаллаш бўйича танлов ўтказишда 2025 йил 1 августдан бошлаб қуйидагилар белгилансин:
а) республика, ҳудудий ва туман (шаҳар) даражасидаги ташкилотлардаги лавозимларнинг бошқарув ва ёрдамчи гуруҳлари учун танловлар фақатгина Давлат фуқаролик хизматчилари вакант лавозимларининг ягона портали орқали ўтказилади;
б) қонунчиликда лавозимга тайинлашда тегишли органлар билан келишилиши лозим бўлган лавозимлар бўйича келишув ушбу органларнинг вакилларини танлов комиссияси таркибига киритиш йўли билан амалга оширилади;
в) тест синовлари Давлат хизматчиларини синовдан ўтказиш модули орқали махсус жиҳозланган хоналарда ёки масофавий онлайн прокторинг тизими орқали ўтказилади. Бунда тегишли давлат органида тест синовларини махсус жиҳозланган хоналарда ёки масофавий ўтказиш масаласи Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги томонидан мурожаатлар таҳлили, ўрганишлар ва сўровномалар натижаларига кўра ҳал этилади;
г)   Давлат хизматини ривожлантириш агентлигига қуйидаги ҳуқуқлар берилсин:
(i) танловнинг суҳбат босқичига давлат органлари, фуқаролик жамияти институтлари, олий таълим муассасалари, илмий ташкилотлар ёки давлат органи ҳузуридаги жамоатчилик кенгашларининг вакилларидан экспертларни жалб қилиш;
(ii) танлов якунларига таъсир кўрсатган ва бартараф этиб бўлмайдиган камчиликлар аниқланган тақдирда, тегишли давлат органига танлов комиссиясининг қарорини бекор қилиш бўйича кўриб чиқилиши мажбурий бўлган тақдимнома киритиш.
5. 2026 йилдан бошлаб иқтидорли бошқарувчилар ва лидерларни, янги авлод раҳбарларини аниқлаш ва танлаш бўйича “ТОП-100” дастури жорий этилсин. Белгилансинки:
а) “ТОП-100” дастури асосида ҳар икки йилда бир марта 100 нафар салоҳиятли бошқарув кадрларини саралаб олиш бўйича республика танлови ўтказилади;
б) “ТОП-100” дастурида белгиланган мезонларга асосан давлат хизматчилари, жамоат ташкилотлари вакиллари, тадбиркорлар, хориждаги ватандошлар ва бошқа шахслар ихтиёрийлик асосида иштирок этади;
в) “ТОП-100” дастури иштирокчиларининг танлов топшириқларини бажариш жараёнида кўрсатган билими ва интеллектуал салоҳияти, ватанпарварлиги, ташкилотчилиги, бошқарувчилик ва лидерлик сифатлари уларни баҳолашнинг асосий мезонлари бўлиб ҳисобланади;
г)  “ТОП-100” дастури ғолиблари базавий ҳисоблаш миқдорининг 100 баравари миқдорида бир марталик пул мукофоти билан рағбатлантирилади, махсус ўқув дастури асосида ўқитилади, “устоз-шогирд” анъанаси асосида тажрибали раҳбарларга шогирд сифатида бириктирилади, бошқа давлат органларига тажриба ошириш учун тегишли лавозимни эгаллаган ҳолда бир йилгача муддатга вақтинча хизмат сафарига ҳамда хорижий стажировкага юборилади;
д) “ТОП-100” дастури ғолиблари Миллий кадрлар захирасига киритилади ҳамда республика ва маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органларида ҳамда бошқа давлат ва хўжалик бошқаруви органларида раҳбарлик лавозимларини эгаллаш учун асосий талабгорлар ҳисобланади.
6. Белгилансинки, салоҳиятли ва истиқболли раҳбарларнинг барқарор захирасини таъминлаш мақсадида:
а) республика ижро этувчи ҳокимияти органлари раҳбарлик лавозимлари учун камида 500 нафар ҳамда маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари раҳбарлик лавозимлари учун камида 1 000 нафар номзоддан иборат Миллий кадрлар захираси шакллантирилади;
б) маҳаллада фаолият кўрсатиб, сўнгги икки йиллик иш фаолияти давомида ижобий натижаларга эришган маҳалла раиси, ҳоким ёрдамчиси, хотин-қизлар фаоли, ёшлар етакчиси, ижтимоий ходим ва солиқ инспекторларидан иборат 1000 нафар Салоҳиятли кадрлар захираси шакллантирилади ҳамда Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги тавсиясига асосан лавозимларга танловсиз тайинланади;
в) давлат хизматида талантларни ривожлантириш ҳамда ҳар томонлама етук раҳбар кадрларни тайёрлаш доирасида Миллий кадрлар захираси таркибига киритилган номзодлар ишлаб турган лавозимидан бошқа давлат органларига бир йилгача бўлган муддатга вақтинча хизмат сафарига, шунингдек, хорижий давлатларга мақсадли стажировкага юборилади. Бунда, биринчи навбатда, иқтисодиётнинг драйвер соҳаларига устуворлик берилади.
IV.   Давлат хизматида коррупцияга қарши курашиш ва рақамлаштириш
7. Давлат хизматчиларида коррупцияга нисбатан муросасиз муносабатни шакллантириш, уларга “ҳалоллик вакцинаси”ни сингдириш ҳамда ушбу борада превентив механизмларни жорий этиш мақсадида Давлат хизматини ривожлантириш агентлигининг Раҳбар кадрларни баҳолаш маркази Коррупцияга қарши курашиш агентлиги билан биргаликда:
а) Коррупцияга қарши курашиш агентлигининг буюртмаси асосида раҳбарлик лавозимларида ишлаётганлар ва ушбу лавозимлар учун захирада турганларнинг коррупцияга қарши барқарорлик даражасини баҳолаш механизмини жорий этсин;
б) давлат хизматчиларида коррупцияга нисбатан муросасиз муносабатни сингдириш бўйича қадриятлар тизимини шакллантириш юзасидан тадқиқотлар олиб бориш асосида таъсирчан чора-тадбирларни жорий этишга оид таклифларни ишлаб чиқсин;
в) коррупцияга қарши барқарорлик даражасини баҳолаш услубиятини такомиллаштириб борсин.
8. Шундай тартиб ўрнатилсинки, унга мувофиқ 2025 йил 1 октябрдан бошлаб давлат хизматчиларининг хорижий ва ички хизмат сафарларини ташкил этиш, ҳисобини юритиш ва таҳлилини олиб бориш “hrm.argos.uz” электрон тизими таркибидаги “Xizmat safari” ягона модули орқали амалга оширилади. Бунда:
а) хизмат сафари режаси ва натижаларигеографиясиходимлар сони ҳамда харажатларни онлайнкузатиб бориш имконияти яратилади;
б) хизмат сафарларининг муайян давлат органининг фаолияти самарадорлигига бевосита, оралиқ ва якуний таъсири мониторинг қилиб борилади;
в) давлат хизматчилари ҳар бир хорижий хизмат сафарлари якунлари бўйича ҳисобот топширади ҳамда ҳисобот асосида хизмат сафарининг самарадорлиги баҳолаб борилади
9. 2026 йил 1 январдан бошлаб:
а) қуйидаги асосий йўналишлардаги эришилган натижалар бўйича Давлат органлари фаоллигининг миллий рейтинги жорий этилади: 
(i) давлат органларининг инсон ресурсларини бошқариш ва ривожлантириш самарадорлиги;
(ii) давлат хизматларини кўрсатишнинг тезкорлиги ва сифати;
(iii) давлат органлари ва ташкилотлари фаолиятининг очиқлиги;
(iv) давлат органлари ва ташкилотларида коррупцияга қарши курашиш ишларининг самарадорлиги;
(v) давлат органлари ва ташкилотлари фаолиятининг рақамлаштирилганлик даражаси;
(vi) республика ва маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари раҳбарлари ва улар ўринбосарларининг фаолияти самарадорлиги;
(vii) норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар билан жорий этилган ҳамда давлат органлари ва ташкилотлари фаолияти билан боғлиқ бўлган бошқа рейтинглар;
б) рейтинг натижаларига кўра қуйи поғонадаги давлат идораларининг иш усулларини ўзгартириш, бошқарув жараёнларини оптималлаштириш (BPR-реинжиниринг) чоралари амалга оширилади ҳамда Ҳукумат мажлисларида раҳбарлар фаолиятига баҳо бериб борилади.
10. Белгилансинки:
а) Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги республика ва маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари ҳамда хўжалик бирлашмалари раҳбарлари ва уларнинг ўринбосарлари, шунингдек, ходимлари фаолияти самарадорлигини баҳолаш соҳасида мувофиқлаштирувчи давлат органи ҳисобланади;
б) республика ва маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари ҳамда хўжалик бирлашмалари раҳбарлари ва уларнинг ўринбосарлари, шунингдек, ходимлари фаолияти самарадорлигини баҳолаш, шу жумладан, энг муҳим самарадорлик кўрсаткичларини белгилаш масалаларига доир норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги билан мажбурий тартибда келишилади.
11. 2025 йил 1 сентябрдан бошлаб давлат хизматчиларининг ўз кўникмаларини доимий ривожлантириб бориши ҳамда улар ўртасида ўзаро мулоқотни кучайтириш бўйича қуйидаги имкониятларни назарда тутувчи “Давлат хизматчиси мобил иловаси ишга туширилсин:
а) масофавий тарзда давлат хизматчиларининг компетенцияларини ривожлантириш ва малакасини ошириш ҳамда бу борада статистик маълумотларни шакллантириш;
б) давлат хизматчилари томонидан давлат органи иш фаолиятини такомиллаштириш юзасидан ташаббуслар бериш ҳамда раҳбар томонидан уларга муносабат билдириш;
в) давлат хизматчисининг шахсий ривожланиш режасини тузиш, унинг бажарилишини мониторинг қилиш;
г)   ходим тўғрисидаги маълумотлар, раҳбар ходимлар учун улар томонидан мувофиқлаштириладиган соҳа ва бўлинмалар, боғланиш учун телефон рақами, почтаси ва ижтимоий тармоқлардаги саҳифалари ҳақидаги ахборотларни назарда тутувчи маълумотлар базасини яратиш.
        V.    Давлат хизматининг имижини яхшилаш ҳамда давлат хизматчилари учун муносиб шарт-шароитлар яратиш
        12. БирлашганМиллатлар Ташкилоти томонидан 23 июнь куни – БМТнинг Давлат хизмати куни деб эълон қилинганлиги ҳамда ушбу кунда давлат хизмати аҳамиятини ёритишга оид махсус тадбирлар ташкил қилишга чақирилганлиги маълумот учун қабул қилинсин. Белгилансинки:
а) махсус тадбирлар доирасида ҳар йили:
(i)  ҳар бир вазирлик ва идоралар (тармоқ ва йўналишлар) томонидан йил давомида эришилган натижалар, соҳада фуқароларга яратилаётган қулайликлар ҳамда келгусидаги вазифалар интерактив тарзда кенг жамоатчиликка етказилади;
(ii)  энг намунали давлат хизматчилари фаолияти, давлат хизматчиларининг бир куни тўғрисида видеоролик ва фильмлар намойиши ўтказилади;
(iii) ҳар бир вазирлик ва идораларда давлат хизматчиларининг оила аъзолари учун “оила куни” тадбирлари (family day) ташкил этилади.
б)    Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги ҳар йили ташкил этиш тавсия қилинадиган махсус тадбирлар рўйхатини тасдиқлаб боради.
13. Давлат органлари инсон ресурсларини ривожлантириш ва бошқариш бўлинмалари фаолиятини самарали йўлга қўйишнинг қуйидаги механизмлари жорий этилсин:
а)     мазкур бўлинмалар давлат органлари вазифаларининг самарали бажарилишини таъминлашга лаёқатли бўлган инсон ресурсларининг сон ва сифат таркибини шакллантириш ҳамда доимий ривожлантириб боришга қаратилган инсон ресурсларини стратегик режалаштириш фаолиятига масъул этиб белгиланади;
б)    инсон ресурсларини бошқаришга оид маълумотлар ва ҳужжатлар фақатгина “hrm.argos.uz” платформасида шакллантирилади ва юритилади;
в)     инсон ресурсларини ривожлантириш ва бошқариш бўлинмалари раҳбарлари:
(i) кадрлар сиёсати бўйича раҳбарнинг маслаҳатчиси мақомига эга бўлади;
(ii)  Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги ёки унинг филиаллари билан келишилган ҳолда лавозимга тайинланади ва лавозимидан озод этилади;
(iii) ҳар уч йилда Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги томонидан аттестациядан ўтказилади;
г)     давлат органлари томонидан инсон ресурсларини ривожлантириш ва бошқариш бўлинмалари ходимларига қонунчилик ҳужжатларида назарда тутилмаган функция ва вазифалар юклатилишига 
йўл қўйилмайди.
14. Давлат хизматчилари ўртасида соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш мақсадида:
а)     2025 йил 1 августдан бошлаб давлат органлари ва ташкилотларида ҳар иш кунининг муайян вақтларида жисмоний тарбия ва ҳаракат фаоллиги бўйича тадбирлар ўтказиб борилсин;
б)    Давлат органлари ходимларнинг вакиллик органлари билан ҳамкорликда:
(i) имкониятдан келиб чиққан ҳолда ташкилот ҳудудида спорт зоналарини ташкил этсин;
(ii) ходимлар жисмоний тарбия билан шуғулланиши учун зарур шарт-шароитлар яратилишини таъминласин;
(iii) спорт тарғиботчилари томонидан ходимлар ўртасида тана вазни индекси ўлчаб борилишини ҳамда ҳар бир ходим бўйича маълумотларнинг hrm.argos.uz платформасига мунтазам киритиб борилишини таъминласин;
(iv) ходимлар ўртасида соғлом турмуш тарзига риоя этилиши бўйича зарурий чора-тадбирларни амалга ошириб борсин.
     VI.     Ташкилий чора-тадбирлар
     15. Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги Иқтисодиёт ва молия вазирлиги, Адлия вазирлиги ва Ташқи ишлар вазирлиги билан биргаликда уч ой муддатда Хорижий хизмат сафарларининг самарадорлигини баҳолаш услубиятини тасдиқлаш бўйича Вазирлар Маҳкамаси қарори лойиҳасини киритсин.
     16. Рақамли технологиялар вазирлиги манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда уч ой муддатда Рақамли технологияларни ривожлантириш жамғармаси маблағлари ҳисобидан Давлат органлари фаоллигининг миллий рейтинги электрон платформасини ишлаб чиқсин ва платформанинг ишга туширилишини, шунингдек, бошқа идоралар ахборот тизимлари билан интеграция қилинишини таъминласин.
  17. Иқтисодиёт ва молия вазирлиги Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги, Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги билан биргаликда 2026 йил 1 январдан бошлаб давлат хизматчилари лавозим маошини уларнинг иш тажрибаси, илмий ва малака даражаси, натижадорлиги ҳамда бошқа кўрсаткичлардан келиб чиқиб, ягона принцип асосида шакллантириш бўйича 2025 йил 1 ноябрга қадар давлат хизматчиларининг ойлик иш ҳақи тизимини тубдан такомиллаштиришга оид Ўзбекистон Республикаси Президенти Фармони лойиҳасини киритсин.
     18. Давлат хизматини ривожлантириш агентлигининг мавжуд штат бирликлари доирасида давлат хизматчилари ахлоқ қоидаларига зид хатти-ҳаракатлар қилишининг олдини олишга қаратилган ишларни мувофиқлаштириш вазифасини бажарадиган одоб-ахлоқ комиссиялари билан ишлаш бўйича бўлинма ташкил этилсин.
     19. Давлат хизматчилари ўртасида соғлом турмуш тарзини жорий этиш мақсадида:
а) Спорт вазирлиги Ўзбекистон касаба уюшмалари федерацияси, Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги билан биргаликда уч ой муддатда жисмоний тарбия ва ҳаракат фаоллиги бўйича тавсиявий тадбирлар ва жиҳозлар рўйхати ҳамда уларнинг меъёрларини тасдиқласин;
б) Соғлиқни сақлаш вазирлиги 2026 йил 1 январдан бошлаб давлат хизматчилари йилига камида бир марта тиббий кўрикдан ўтказилишини ташкиллаштирсин;
в) Рақамли технологиялар вазирлиги Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги билан биргаликда уч ой муддатда “hrm.argos.uz” платформасида ходимларнинг тана вазни индексини киритиб бориш имкониятларини яратсин;
г)  давлат органлари 2026 йил 1 январдан бошлаб ўзларига тегишли бўлган ошхоналарни тўлиқ аутсорсинг асосида ташкил этсин, уларда соғлом овқатланишни кенг жорий қилсин ҳамда ширинликлар, ёғли, хамир солинган озиқ-овқат маҳсулотлари ва таомлар, шунингдек, одам соғлигига салбий таъсир кўрсатувчи бошқа турдаги маҳсулотларнинг савдосини чекласин;
д) Соғлиқни сақлаш вазирлиги Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги билан биргаликда уч ой муддатда давлат хизматчиларини тиббий кўрикдан ўтказиш тартиби ҳамда давлат органларининг ошхоналарига қўйиладиган талабларни ва соғлом овқатланиш меъёрларини тасдиқлаш чораларини кўрсин.
20. Давлат хизматчиларига давлат хизмати лавозимларининг малака даражалари берилишини таъминлаш мақсадида:
а)     давлат органлари раҳбарлари 2025 йил 1 ноябрга қадар давлат хизматчиларига, истисно тариқасида бир марта, улар эгаллаб турган лавозимига мувофиқ, бироқ, улардаги мавжуд махсус унвонлардан (мартаба ёки малака даражалари) паст бўлмаган давлат фуқаролик хизмати лавозимларининг малака даражалари берилишини таъминласин;
б)    давлат фуқаролик хизмати лавозимларининг малака даражалари учун қўшимча тўловлар жорий қилингунга қадар давлат хизматчиларигаамалдаги махсус унвонлари (мартаба ва малака даражаси) бўйича қўшимча тўловлар (устама, ҳақ) тўлаш давом эттирилади.
  21.Қуйидагилар:
а)     Давлат фуқаролик хизматини 2030 йилгача ривожлантириш стратегияси 1-иловага мувофиқ;
б)    Давлат фуқаролик хизматини 2030 йилгача ривожлантириш стратегиясининг мақсадли кўрсаткичлари 2-иловага мувофиқ;
в)     Давлат фуқаролик хизматини 2030 йилгача ривожлантириш стратегиясини амалга ошириш бўйича 2025-2026 йилларга мўлжалланган чора-тадбирлар дастури 3-иловага мувофиқ;
г)     Давлат фуқаролик хизмати татбиқ қилинадиган давлат органлари ва ташкилотлари рўйхати 4-иловага мувофиқ;
д)      Республика, ҳудудий ва туман даражасидаги давлат органлари давлат фуқаролик хизмати лавозимларининг давлат реестри 5-иловага мувофиқ;
е)     Миллий даражадаги давлат органлари давлат фуқаролик хизмати лавозимларининг давлат реестри 5а-иловага мувофиқ;
ж)     Давлат фуқаролик хизмати лавозимини эгаллаш учун танлов ўтказиш тартиби тўғрисида низом 6-иловага мувофиқ;
з)     Миллий кадрлар захирасини шакллантириш ва юритиш тартиби тўғрисида низом 7-иловага мувофиқ;
и)    Давлат фуқаролик хизматчиларига малака даражаларини бериш тартиби тўғрисида низом 8-иловага мувофиқ;
к)    Давлат фуқаролик хизматчиларининг касбий компетенцияларини узлуксиз равишда ошириш тартиби тўғрисида низом 9-иловага мувофиқ тасдиқлансин.
     VII.    Фармон ижросини ташкил этиш, таъминлаш ва назорат
     22.Ўзбекистон Республикаси Президентининг айрим ҳужжатларига 10-иловага мувофиқ ўзгартириш ва қўшимчалар киритилсин.
   23.Ўзбекистон Республикаси Президентининг айрим ҳужжатлари 11-иловага мувофиқ ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин.
   24.Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги Адлия вазирлиги билан биргаликда уч ой муддатда қонунчилик ҳужжатларига ушбу фармондан келиб чиқадиган ўзгартириш ва қўшимчалар тўғрисида таклифларни киритсин.
    25.Мазкур фармоннинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазири А.Н.Арипов ва Ўзбекистон Республикаси Президентининг маслаҳатчиси Ғ.Ғ.Мирзаев зиммасига юклансин.
 
Ўзбекистон Республикаси
Президенти                    Ш.МИРЗИЁЕВ
 
Тошкент шаҳри,
2025 йил 19 июнь 

     Iyul     
DuSeChPaJuShYa
 123456
78910111213
14151617181920
21222324252627
28293031 

Obuna bo'lish

Obuna bo'lish bepul

Ommabop xabarlar

img
Sugʻurta tizimini yanada
27-06-2025, 16:52
Veb-saytimiz faoliyatini baholang